Дунёдаги энг йирик археологик музей Great Egiptain Museum — Буюк Миср музейи 2025 йилда ташриф буюрувчиларни қабул қила бошлади. Кўплаб экспонатлар кўргазмага қўйилган, аммо пирамидалар 2026 йил бошида очилиши кутилмоқда. Ушбу мегалойиҳа учун қарийб 1 миллиард доллар ажратилди. Туризмдан келадиган даромад Миср ЯИМнинг 12 фоиздан ортиғини ташкил этади. Fitch Solutions рейтинг агентлигининг прогнозларига кўра, 2025 йилдан 2029 йилгача Миср саёҳатчилардан 97 миллиард доллар ишлаб топиши кутилмоқда.

Мисрга ташриф буюрувчи сайёҳларни асосан Қоҳира яқинидаги Гиза шаҳрида жойлашган учта пирамидадан бири — Хеопс пирамидаси ўзига жалб қиларди. 1992 йилда Мисрнинг ўша пайтдаги президенти Ҳусни Муборак — Буюк Миср музейи қурилиш режасини эълон қилди. Янги бино Қоҳирадан ташқарида, пирамидалар яқинида бўлиши керак эди. 2002-йилда ушбу мегалойиҳа учун танлов эълон қилинди ва Дублинда яшовчи хитойлик меъмор Ҳенеган Пенг ғолиб бўлди. Музей 2012 йилда очилиши режалаштирилган эди, аммо 2011 йилда Мисрда “Араб баҳори” деб номланган давлат тўнтарилиши юз берди. Натижада амалдаги ҳукумат ағдарилиб, сиёсий кураш бошланди. Бу воқеалар ва 2019-2020 йиллардаги пандемия қурилиш тезлигини пасайтирди.

Музей қурилиши
Архитектор Пенг лойиҳа қурилишида Нил дарёсини намуна сифатида олди. Пенг дарёни эгри “илон изи” каби оқишига тақлид қилиб, музейни бир-бирининг устига чиққан “судралиб юрадиган” бир неча қатламдан ташкил топишини хоҳлади. Ханжар шаклидаги бино бир қатор букланган плиталардан иборат. “Музей Нил водийси ва плато ўртасида жойлашган, аммо пирамидалардан баланд бўлмаслиги керак” деб тушунтиради Пенг.
Музейнинг шаффоф девори ташриф буюрувчиларга учта пирамидани кўриш имкониятини беради. Бино 120 гектар майдонни эгаллайди, музей галереясида 100 000 дан ортиқ экспонат намойиш этилади. Музей конструкциясининг умумий оғирлиги 1,5 млн тонна, бу эса Нью Йоркдаги Метрополитен музейи биносидан тўрт баравар катта дегани.

Музейнинг фасади
Музей ташқи қопламасида оҳактош, қумтош ва алебастрдан фойдаланилган. Ушбу материаллар қадимги пирамидалар қурилишида ҳам ишлатилган. Тош фиръавнлар давридан бери маълум бўлган Тур ва Мино тоғидан қазиб олинади. Фасаддаги панелларнинг бир қисми анъанавий Миср Оникс материалидан тайёрланган. У шаффоф, шунинг учун кун давомида қуёш нури тушиб, бино ичкаридан порлаётгандек кўринади, кечаси эса чўлни музей ичидаги лампалар ёритади.
Нима учун бино яшил музей дейилади?
GEM Африкада Edge Advanced Green Building сертификатини олган илк иншоотдир, бу эса музейни ресурсларни сақлаб қолишини ва иқлимнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишини тасдиқлайди. Бу ерда энергия харажатлари 60 фоизга, сув сарфи эса шунга ўхшаш биноларга қараганда 34 фоизга кам.

Музей муҳандислари хоналарни ёритиш, шамоллатиш ва совитиш учун табиий ресурслардан максимал даражада фойдаланган. Масалан, қумтош қопламаси иссиқлик изолятори вазифасини бажаради: чўлнинг кучли қуёшидан иссиқликни ютиш орқали ҳароратни пасайтиради. Шунингдек, бинони ёмғирдан ҳимоя қилиш мақсадида вентиляция тизимида қумтошдан фойдаланилган унинг табиий хусусиятлари туфайли намликни ютиш ва тез қуритиш бинони чўл иқлимига мослаштиришга имкон беради.
Музейда шунингдек, тўғридан-тўғри тушувчи қуёш нурини камайтирадиган ва вентиляцияни таъминлайдиган ёғоч панжарали кичик дарчалар мавжуд. Бу анъанавий араб архитектурасининг элементларидан бири ҳисобланади.

Музей нимаси билан сайёҳларга маъқул келмоқда?
“Аваллари пирамидаларга ташриф буюрувчилар тизими тартибсиз эди. Маҳаллий аҳоли плато бўйлаб саёҳат қилиш учун 150 Миср фунт стерлинги, сайёҳлар эса 1000 фунт стерлинг тўлаши керак эди. Бу ҳолатдан кўп сонли саёҳатчилар норози эди”, деб тушунтирди Барқарор ривожланиш бўйича мутахассис Ханеен Шаҳин Forbes нашрига.
Сайёҳларни навбат ва тартибсизликлардан халос қилиш учун онлайн чипталарни брон қилиш тизими ишлаб чиқилди. Электрон формат келувчилар оқимини бошқаришни осонлаштириши, навбатларни қисқартириши ва даромадларнинг шаффофлигини оширди.

2025 йил апрель ойида ушбу тарихий ансамблга кириш жойи ўзгарди, энди янги автомагистралдаги “Буюк дарвоза” орқали кирилади. Йўлдаги тирбандликни камайтириш учун ҳар 5 дақиқада қатновчи 45 та электробус ташкил этилди. Бу эса сайёҳларга янада қулайлик яратади.
Маҳаллий аҳоли нимадан норози?
Ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилот PЕТА ҳайвонлардан фойдаланишга қўйилган чекловларни олқишлади, чунки фаоллар туя ва отларга тўйиб овқатланмаслик ва шафқациз муносабат каби ҳолатларни аниқлашган. “Ҳайвонлар том маънода ўлгунча калтакланади ва кейин ахлат каби улоқтирилади”, дейди PЕТА Осиё вице-президенти Жейсон Бейкер. Табиийки бундай чекловлар от ва туя сайридан даромад қиладиган маҳаллий аҳолига маъқул бўлмади:

Расмийларнинг фикрига кўра, янги музей мажмуасида сайёҳларга кўплаб хизматлар таклиф қилинади: ресторанларда овқатланиш, туя миниш, ҳовузда сузиш ва кўнгилочар томошалар битта чиптада мавжуд бу эса нарх қимматлашишига олиб келади. Барқарор ривожланиш бўйича мутахассис Шаҳиннинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли учун бундай нарх қимматлик қилади.
Бундан ташқари, пирамидаларни қимматбаҳо курортга айлантириш уларнинг тарихий ва маданий аҳамиятини пасайтириши мумкин. Музейнинг расмий веб-сайтига кўра, Миср фуқаролари учун 200, чет элликлар учун 610 Миср фунтини ташкил этади.


Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал