Маълум қилинишича, FIFA ўзгариш қилиши мумкин – режага кўра халқаро ва миллий мусобақаларда иштирок этаётган клублар таркибида майдонда ҳар доим 20 ёки 21 ёшгача бўлган ўз тарбияланувчиси бўлиши шарт бўлади. Бу шундоқ ҳам Чемпионлар Лигаси ва лигаларда мавжуд бўлган талабнинг бир оз кескин кўриниши. Ҳозирда ҳар бир клуб турнир учун топширилган умумий рўйхатда маълум миқдорда ўз тарбияланувчисига эга бўлиши керак, аммо у майдонга тушмаслиги, қайдномадан ҳам четда бўлиши мумкин. Энди эса бундай футболчиларнинг доим майдонда бўлиши талаб қилинади. Ҳозирча бу фақат Ванкувердаги мажлисда муҳокама қилинган, келаси йили эса Конгресс кун тартибига ҳам қўшилиши кутилмоқда.
Ҳамма лойиҳалар сингари бу ҳам гўёки эзгу мақсадларда, жумладан клубларга ўз тарбияланувчиларига, ёшларга эътибор қаратишга ундашга қаратилган деб айтилса-да, ғоя жуда хом, тушунарсиз ва жуда кўп саволлар келтириб чиқаради. Умуман, менимча, қандайдир муаммоларни мана шундай чекловлар орқали ечишга уриниш турнирлар мазмунига зиддир. Ҳар доим майдонда камида бир нафар ёш футболчининг бўлиши – бу вазиятни абсурд даражага олиб бориши ҳам ҳеч гап эмас. Жумланинг ўзи бир қатор саволларга йўл очади, хўш, майдондаги ўша ўйинчи жароҳат олса нима бўлади? Ўрнига худди шундай бошқа ёш футболчи тушиши керакми, яъни бу ҳолда бир позицияга иккитадан ёш футболчи тайёрлашга тўғри келадими? Мураббийлар ўйинга энг кучлиларни эмас, баъзи қўшимча чекловларни ҳам эътиборга олган ҳолда тайёрлаши шарт бўлиб қолмайдими? Маълум позиция учун тайёрланган ва клубнинг мана шу лимит билан боғлиқ муаммосини ҳал қилган ёш футболчи узоқ муддатга жароҳат олиб сафдан чиқса-чи? Мураббий ўйин давомида бошқа тактикага ўтиб, схемани ўзгартирмоқчи бўлса, ўша ёш футболчини алмаштира олмайдими?

Фото: ГлобалвоиcесЁш билан боғлиқ шу каби талаблар жуда кўп мамлакатларда синаб кўрилган ва бирор ерда айнан шунақа йўналиш футболни, ёшларни кучайтириб юборганини билмайман. Энг қизиғи, Руминия чемпионатини мисол келтириш мумкин – у ерда ҳар бир клуб таркибда икки нафар ёш футболчи билан ўйнаши шарт қилиб белгиланган. Кейин жароҳатлар ва ўйинчи алмаштиришга мажбур бўлиб қолиш ҳолатлари амалда пайдо бўлгач, икки нафардан бирини алмаштириш ҳуқуқи ҳам қўшилган. Абсурд шу даражага борганки, мураббийлар ҳар сафар асосий таркибга икки нафардан ёш футболчини қўшар, аммо 1-дақиқадаёқ улардан бирини алмаштириб ташлар эди.
Табиий ва асосга эга бўлган босқичларни бундай сунъий чекловлар билан бошқаришга уриниш бир қатор бошқа муаммоларни юзага чиқариши, ёш футболчиларнинг ўсишига йўл очиш ўрнига, тўсиққа ҳам айланиши ҳеч гап эмас. Ўзим эслайман, 90 йиллар охирида 1-лигамизда ҳар бир жамоа майдонда 20 ёшга тўлмаган футболчини туширишга мажбур эди. Қўқонда Соли Қурбонов деган ҳужумчи бўлиб, айнан шу лимит туфайли доим майдонда бўлар, табиийки, бошқаларга нисбатан тайёр бўлмаган, рақобат эмас, ёш туфайли доим ўйнашига тўғри келган футболчида босим каттароқ бўларди. Айнан лимит учун туширилаётгани маълум бўлса-да, унинг хатолари ҳам кечирилмас, энг кўп танқид эшитадиган ҳам у эди.
Яна бошқа мисол, агар бирор топ-клубда Ламин Ямал ёки Нгумоа каби ростанам талантли, ўз кучи билан асосий таркибга кира оладиган футболчи пайдо бўлса? Клуб мана шу футболчи орқали ўша лимит талабини қондиргани учун у доим майдонга тушади, алмаштиришсиз ўйнайверади. Ёш, ўсиб келаётган вужуд учун бу юкламалар оғирлик қилиши турган гап, “Барселона”даги Педри мисолида гувоҳ ҳам бўлганмиз. Лекин ҳеч қандай лимит клубдан ғалаба қозониш, совринлар ютиш талабини бекор қилмас экан, демак, ўша ёш футболчи ҳаддан ташқари кўп ўйнаганидан унинг ўсиши тўхтаб қолиши мумкин.
Ўн беш йиллар олдин Италия футболида пул камайиб, қимматбаҳо легионерлар бирин-кетин клубларни тарк эта бошлагач, маҳаллий футболчиларга эътибор кучайган эди. А Серияда шунақа кўп италияликлар бўлганки, Антонио Конте Евро-2016 тайёргарлиги пайтида 70 га яқин футболчини синовдан ўтказган. Мана шунча футболчи Италия чемпионатида тўп сурибгина қолмай, терма жамоага номзод бўладиган даражада муваффақиятли эди. Ундан сал олдинроқ АПЛда бошқача муаммо кузатилган – турлардан бирида ҳаммаси бўлиб 33 нафар инглиз футболчиси майдонга туширилган экан. Легионерлар шундай тўлиб кетганки, топ-клубларда маҳаллий футболчилар деярли йўқ, тилга олинган ўша 33 футболчи ҳам ўртамиёна жамоаларда кўпроқ эди. Тасаввур қилинг, АПЛ да ўз клубингизда асосийга кирсангиз тамом, автоматик равишда Англия терма жамоасига ҳам номзодсиз, чунки бошқа йўқ. Ўша Евро-2016 да инглизлар кичиккина Исландияга мағлубиятга учрагач, бу масала жиддий равишда кўтарилган, аммо қандайдир сунъий тўсиқлар йўлидан боришни исташмаганди.
Фото: GoalОрадан шунча йил ўтди. Оқибат нима бўлди? Кучли рақобатсиз қолган италиялик футболчиларда пасайиш кузатилди ва вақт ўтиб, энди кучсизроқ легионерларга ҳам таркибдаги ўрнини ютқаза бошладилар. Ҳозир ҳам Италияда легионерлар тўла, аммо энди аср бошларидаги каби кучли легионерлар эмас, кейинги эшалон футболчилари. Табиийки, терма жамоа ҳам зарар кўрмоқда.
Кучли легионерлар остида рақобатда ютиш вазифаси қўйилган инглиз ёшлари эса шунга мос равишда ўса бошлади. Ҳозирда Англияда иқтидорли ёшлар, юлдузлар жуда кўп. Ҳозир ҳам топ-клубларда легионерлар жуда кўп бўлса-да, бу легионерлар шунақа кучлики, уларни енгиб асосий таркибга кирган ҳар қандай футболчи автоматик биринчи даражадаги юлдуз бўлиб қолади. Ҳозир ҳам АПЛда асосий таркибда тўп сураётган инглиз ёшлари кўп эмасдир, аммо ҳар бири ўта кескин рақобатдан чиққан ва ҳар бири эртагаёқ Англия терма жамоасида ўйнаб кетишга тайёр. Бу худди маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантираман деб импорт маҳсулотларга катта божлар қўйилиши, оқибатда эса халқ сифатли товарлардан маҳрум бўлиб қолишига ўхшайди – бошқа ҳолатда божларсиз, айнан энг сифатли маҳсулотлар билан рақобат остида энг зўр маҳсулотлар яратилади бир кун келиб.
Футболни, трансферларни, таркибни бозор белгилаб бериши керак ва бу ягона тўғри йўлдир. Албатта, топ-клубларнинг бир футболчи учун 50-100 миллионлаб сарфлашига қараб, бунинг ўрнига академиядан ёшларга таяниши самаралироқ бўларди, деб хулоса қилиш осон, лекин бу юзаки бўлиб қолади. Топ-клублар ҳар қанча бой бўлмасин, улар ҳам пул санашни билишади, ишонаверинг. Бир футболчини етиштириш тўғри, анча арзонга тушса-да, агар у ўта ёрқин ва ноёб истеъдод эгаси бўлмаса, асосий таркибга тайёрлаш осон эмас. Ёш футболчи маълум вақтдан кейин ҳам ўсиб бориши учун мунтазам ўйин амалиёти, юқори даражадаги юкламаларга эҳтиёж сезади. Доим энг юқори ўринлар учун курашиши, ҳар ўйинда ғалаба қозониши шарт бўлган топ-клуб унга шу имкониятни тақдим эта оладими? Йўқ, албатта. Клуб сиёсатида ёшларга ўрин бериш, тарбияланувчиларга урғу қаратиш сиёсат сифатида, мухлислар билан муносабатларда анча самарали, тўғри, лекин академиянинг номи “Ла Масия” бўлмаса, ҳам ёшларни етиштириб, ҳам совринлар учун курашишнинг иложи бўлмайди, бирини танлаш мажбуриятида қолади.
Фото: GoalДемак, топ-клублар урғуни академияларга эмас, ёш футболчиларни сотиб олишга қаратаётган экан, бу синовдан ўтган, ўз кафолатига эга бўлган рационал қарордир. Ёш футболчи Бразилия ё Аргентинадан келиб “Порту”да ёки Европада улғайиб, “Аякс”да, “Брайтон”да улғайиши ҳамма томондан фойда.
Биринчи томон, футболчи айнан зарур пайтда юқори даражадаги мусобақаларда мунтазам ўйнаш амалиётига эга бўлади, бир оз босимсиз муҳитда ўз салоҳиятини очишга шароит ҳам берилади. Иккинчи томон, топ-клуб, аллақачон синовдан ўтган ва очиқ устунлик-камчиликларига эга бўлган, деярли шаклланган футболчи учун пул тўлаш орқали ўз рискини анча камайтириб олади. Клуб чалғимасдан, қайсидир ёш футболчига умид боғламасдан ўз йўналишида давом этиши мумкин. Учинчи томон, ўртамиёна клублар ҳам мана шу бозор шартларида яхши даромад қиладилар, яшаб қолиш стратегиясида ўз фаолиятини давом эттиришади.
Агар футбол учрашувини мана шундай чиғириқлар орқали яратиладиган тайёр маҳсулот деб олсак ҳам, унинг истеъмолчиси бўлган мухлислар учун айни муддао – улар табиий равишда, бозор шартларида юзага келган энг яхши маҳсулотни томоша қилишади. Бизга мураббийлар томонидан ғалаба қозониш учун энг кучли ҳисобланган ижрочилар ғалаба учун курашаётгани тақдим этилади. Лимит туфайли майдонда югуриб юриши мажбур бўлган кимдир эмас.
“Футбол ишлаб чиқариш” жараёнининг ичкарисида бўлмаган, футболнинг ичидаги муносабатлар қандай юзага келганини билмайдиган шахслар томонидан қўшимча шартларнинг киритилиши, албатта, борини ҳам бузиб қўйиши ҳеч гап эмас. Нафақат футболда, умуман ҳар қандай соҳада ҳам.