Хабарингиз бор, 2024 йилнинг 26 февраль куни Ўзбекистонда 68 нафар боланинг ўлими, 16 нафар боланинг ногирон бўлиб қолишга олиб келган “Док-1 Макс” иши бўйича суднинг якуний ҳукми эълон қилинганди. Ҳукмга кўра, судланувчиларнинг 7 нафари озодликдан маҳрум қилинган бўлса, 14 нафарининг озодлиги чекланди. Шунингдек, бир нафари ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши белгиланган бўлса, яна бир нафари 17 миллион сўмлик жаримага тортилган. “Дарё” манбасининг маълумот беришича, жазоланганларнинг 7 нафари ҳукмдан норози бўлиб, судга апелляция шикоятини киритган.
Аниқланишича, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган С.Р.П., 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Сардор Кариев ва унинг ҳар бири 16 йил муддатга қамалган ўринбосарлари — А.Азимов ва Н.Мусаевлар, 16,6 йилга озодликдан маҳрум этилган Ш.Шодманов ҳамда 2 йил муддатга озодлиги чекланган Ш.Абдуғаниев ва И.Мирзаёқубовлар суднинг дастлабки ҳукмидан норози бўлган.
Таъкидланишича, судья Музаффар Аҳмедов бошчилигидаги судлов ҳайъати 2024 йилнинг 5 апрель куни уларнинг апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнини бошлаган.
Суд 15 апрель куни ўз ишини давом эттиради, — дейди Тошкент шаҳар суди ахборот хизмати раҳбари
Изоҳ (0)