Саудия Арабистонига 2025 йилги ҳаж мавсуми учун хориждан бир миллиондан ортиқ зиёратчи келди. Бу ҳақда ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ Ал-Рабиа маълум қилди.

Маълум қилинишича, ҳажга келганларнинг 53 фоизи эркаклар, қолган 47 фоизи эса аёллардир. Зиёратчиларнинг 94 фоизи ҳаво йўли билан, 4,83 фоизи қуруқликдаги чегара пунктлари орқали, тахминан, 0,5 фоизи эса денгиз орқали етиб келган. Шунингдек, 249 400 нафар зиёратчи “Макка йўли” ташаббуси доирасида Саудия Арабистонига ташриф буюрган.
Вазир ҳаж ва умра мавсумига тайёргарлик 2024 йилги ҳаж амаллари якунида бошланганини айтди.
Тайёргарлик жараёнлари доирасида турли мамлакатларга дастлабки ташкилий ҳужжатлар юборилди. 2025 йил январь ойида икки муқаддас масжид посбони қирол Салмон ҳомийлигида энг йирик Ҳаж конференцияси ва кўргазмаси ўтказилди. Унда дунёнинг 87 мамлакатидан вакиллар иштирок этди, деди Ал-Рабиа.
У қонуний зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “Рухсатномасиз ҳажга борманг” ташаббусининг муҳимлигини таъкидлади. У сохта ҳаж кампанияларига қарши курашда турли мамлакатларнинг ролини юқори баҳолади.
Ҳажга рухсатномасиз борганлар 5 минг доллардан ортиқ жаримага тортилади ва 10 йилга Саудия Арабистонига кириши тақиқланади. Саудия Арабистони ҳаж зиёрати вақтида Маккага боришга янги чекловлар киритганди. Визаси тугаганларга бошпана берган ёки уларни ҳажга олиб борган шахсларга ҳам жарима қўлланади. Макка ва Мадина шаҳрига фақат ҳаж учун махсус виза асосида киришга рухсат берилади.
Изоҳ (0)