5 июнь куни Абу-Дабида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги муҳим беллашув арафасида футбол майдонидан ташқарида кутилмаган воқеалар юз бермоқда. Мундиал йўлланмаси ёқасида турган Темур Кападзе жамоасини нафақат рақиб, балки ташқи босимлар ҳам кутаётганга ўхшайди.

Ўйинни ёритиш мақсадида БААга йўл олган кўплаб ўзбекистонлик журналистлар Абу-Даби ва Шаржа аэропортларида ҳеч қандай изоҳсиз соатлаб, айримлари эса бир суткагача ушлаб турилган. Бу ҳолатлар ҳануз давом этмоқда. Айрим журналистларга депортация эҳтимоли ҳақида огоҳлантириш берилгани айтилмоқда. Бироқ БАА расмийлари бу ҳолатга расмий изоҳ бермаган.
“Дарё” нашрининг Абу-Дабидаги манбасига кўра, вазиятга Ўзбекистоннинг БААдаги консулликлари аралашмоқда. Айрим журналистларнинг депортация қарори бекор қилинган ва уларга мамлакатга киришда амалий ёрдам кўрсатилган. Дипломатик вакиллар ҳозирда аэропортларда қолаётган фуқаролар билан ишлашни давом эттирмоқда. Бироқ асосий савол очиқ қолмоқда: нима сабабдан бундай тўсиқлар юз бермоқда?
Тан олиш керак: бу оддий тартиб-интизом эмас — бу босим. Шуҳрат Шокиржоновнинг Х (собиқ Twitter) саҳифасида ёзилишича, Абу-Дабида фаолият юритаётган ўзбекистонлик тадбиркор маҳаллий полиция томонидан маҳкамага чақиртирилган. Унга, агар ишчилари футбол ўйинига бориб, гуруҳ бўлиб мухлислик қилса, депортация чоралари қўлланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган. Огоҳлантириш ёзма тарзда расмийлаштирилиб, тилхат имзолаттирилган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега футбол ўйини арафасида айнан ўзбекистонлик мухлисларга бундай чекловлар қўлланмоқда? Айрим манбалар буни “профилактик чора” дея изоҳлашга ҳаракат қилмоқда, аммо бу ҳолат айнан психологик босим сифатида қабул қилинмоқда.
Журналист Азамат Умаровнинг ёзишича, БАА — Ўзбекистон ўйинида ўзбекистонлик мухлисларга турли чекловлар қўйилиши мумкин. Жумладан, стадионга байроқ, овозли мосламалар (доира, сурнай ва бошқалар) олиб кириш тақиқланиши мумкин. Бундай ҳолатлар спорт тамойилларига зид бўлиши шубҳасиз.

Шарҳловчи Ҳасан Турдиалиев эса ўзининг Telegram каналида аэропортда ушлаб турилганини маълум қилган. Унга кўра, бир нечта Ўзбекистон фуқаросининг паспортлари вақтинча олиб қўйилган, аммо бунга изоҳ берилмаган. Ҳатто консуллик ҳам ушбу вазиятда тезкор ечим топа олмаган.
Футбол — рақобат майдони. Аммо бу рақобат фақат майдонда бўлиши керак. Ташқи босим орқали ғалаба қозониш — спорт этикаси учун қабул қилинмас ёндашувдир.
Изоҳ (0)