Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида фуқаро ўйинчоқ тўппонча билан банкни ўмармоқчи бўлди. Бу ҳақда воқеага гувоҳ бўлган “Дарё” ўқувчиси хабар берди.
Таъкидланишича, Юнусободдаги банклардан бирига кириб, тўппонча билан фуқароларни қўрқитган шахс қўлга олинган.
“Trastbank” матбуот хизмати банк хизматлари марказига уюштирилган босқинчилик ҳаракати юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 18 апрель куни соат 16:30 дан 17:00 гача бўлган вақт оралиғида “Trastbank” ХАБнинг Юнусобод тумани “Мойқўрғон” кўчаси 39-уйда жойлашган “Туркистон” БХМига номаълум шахс томонидан ҳужум уюштирилган. Ушбу шахс қора ниқоб кийган ҳолда дастаси қора изоляцион лента билан ўралган сохта қуролдан фойдаланиб, босқинчилик ҳаракатини амалга оширмоқчи бўлган.
Бироқ банк ходимлари томонидан юборилган фавқулодда қўнғироқ асосида зудлик билан ҳодиса жойига Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходимлари етиб келиб, босқинчилик ҳаракатини бартараф этган ва гумондор шахсни қўлга олган.
Ҳодиса оқибатида юқоридаги шахс томонидан БХМ биносининг кириш эшиги ойнасига шикаст етказилган. Шунингдек, банк ходимлари ва мижозларига ҳамда БХМ кассасида мавжуд бўлган пул маблағларига ҳеч қандай зиён етказилмаган.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу хабар соат 20:00 да қайта таҳрирланди – таҳририят
Тошкентда бир гуруҳ шахслар фуқарога ўйинчоқ тўппонча билан таҳдид қилгани тўғрисида хабар берилганди.
2019 йили Россиянинг Нижневартовский суди ўйинчоқ тўппонча билан қуролланиб, банкни ўмармоқчи бўлгани Ўзбекистон фуқаросига ҳукм ўқиган эди.
Изоҳ (0)