Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Андижон шаҳар бўлими бошлиғи иш вақтида, кабинетида психотроп модда истеъмол қилаётгани хабар берилди. Хабарга расм ҳам илова қилинган. “Дарё” ҳолатни аниқлаштиришга уринди.
Таҳририят журналистининг бу ҳақдаги саволига жавоб берган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати расмдаги шахс бошқарманинг Андижон шаҳар бўлими бошлиғи эканини тасдиқлади.
Расмдаги шахс ҳақиқатдан ҳам Андижон шаҳар бўлими бошлиғи. Бироқ бу расм қандай олинган, нима бўлгани ҳақида бизда ҳозирча тўлиқ маълумот йўқ. Ҳолат ўрганилмоқда. Тез орада расмий маълумотларни эълон қиламиз, дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Гулноза Алимова воқеадан хабардорлигини, ҳолатга аниқлик киритишга уринаётганини очиқлади.
Ўрганяпмиз, деди у таҳририятнинг бу ҳақдаги саволига қисқа жавоб берар экан.
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг қўшимча қилишича, ўтказилган тезкор-қидирув тадбири жараёнида фуқародан, жами 0,69 гр гашиш гиёҳванд моддаси олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Дарё”да мазкур вазирлик ходимлари ҳаракати билан сохта иш ўринлари яратилаётгани, фуқароларнинг шахсий маълумотлари интернетда сиздирилаётгани ҳақида сўз юритилган мақола эълон қилинганди.
Изоҳ (0)