Тахтақорача довонида уч тоифадаги транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, халқаро аҳамиятга эга М39 Тошкент—Термиз автомобиль йўлининг Тахтақорача довонида йўл торлиги, хавфли бурилиш жойларининг радиуси кичиклиги, олдинда ҳаракатланиб кетаётган юк транспорт воситаларининг секин ҳаракатланиши туфайли қувиб ўтишнинг имкони бўлмагани сабабли ноқулайликлар туғдирмоқда.
Шуни инобатга олиб, Тошкент—Термиз автомобиль йўлининг Тахтақорача довони ҳисобланган 1135–1145-километрлари оралиғида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган қуйидаги тоифадаги транспорт воситаларининг ҳаракатланиши вақтинча чекланган:
- М2 — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ, энг катта вазни 5 тоннадан ортиқ бўлмаган автотранспорт воситалари;
- М3 — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ, энг катта вазни 5 тоннадан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари;
- Н3 — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 12 тоннадан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари.

Чеклов ушбу йўлда аниқланган камчиликлар ҳамда автомобиль йўли III тоифадан II тоифага ўзгартиргунга қадар кучда қолади.
Изоҳ (0)