Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон “Дарё” мухбири билан суҳбатда Ислом Каримов даврида санъаткорларнинг қандай қилиб телевиденияда тақиққа тушиб қолиши ҳақида сўзлаб берди.
— Ислом Каримов очиқ гапирган одамни ёқтирарди. Бир гапни бошласангиз, охиригача айтишингизни талаб қилар, чала гапиришга йўл қўймасди. Мана шу сабабдан “сарой аҳли”нинг 90 фоизи “фалон гапни айтсам, саволга тута бошласа, жавоб бера оламанми, йўқми, яхшиси айтмай қўя қолай” дея ҳадиксираб турарди. Бундай ҳолатларга кўп гувоҳ бўлганман. Мен ҳатто баъзи мавзуларда гапира бошласам, “айтма-айтма”, деб биқинимга туртишарди.
Ислом Каримов ҳақида ўз хотираларимни сўзласам, латифага ҳам ўхшаб кетади. Телевиденияда масъул лавозимларда ишлаган вақтимда “фалончи чиқарилмасин, писмадончи экранларда кўрсатилмасин” деган топшириқлар келиб қоларди. Масалан, “Замира Суюнова чиқарилмасин” дейиларди. Сабабини ҳеч ким билмайди. Билганлар айтмайди. Вазиятни тасаввур қилинг... Кейин маълум бўлишича, Ислом Каримов телевизор кўриб ўтирганда, “Дуторчи қизлар” ансамблининг концерти намойиш этилади. Каримов уни кўриб, “Ия, бу қизлар ҳали ҳам борми? Уларни қўллаб-қувватлаш керак, яхши либослар олиб беринглар, сифатли созлар совға қилинглар” дея топшириқ беради. Ана шу топшириқни олган амалдор дарров “Замира Суюнова экранларда кўрсатилмасин” дея зимдан шипшитиб қўяди. Нима учун? Негаки Ислом Каримов хонандани яна телевизорда кўриб қолса, “Мен айтган топшириқ бажарилдими?” деб сўраб қолиши мумкин эди-да. Ҳалигилар шу гапдан қўрқишган.
Бу биттагина мисол. Нима учун Бегали Қосимов чиқарилмади, Ботир Зокиров, Шерали Жўраев нега кўрсатилмади?... Айримлар билиб-билмай гапираверади. Бундай “топшириқлар”нинг ортида кўпинча Ислом Каримовнинг номидан гапирган одамлар турган. Юз фоиздан 20-25 фоизи Каримовнинг ўзидан чиққан бўлиши мумкин, холос.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини YouTubeъдаги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)