Президентнинг “Uzagroстар холдинг” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарорга кўра, “Uzagrostar holding” компанияси МЧЖ шаклида ташкил этилади.
Ташқи ва ички бозорларда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кесимида базавий ва қамраб олинадиган туманларни белгилаш ва ушбу ҳудудлардаги маҳаллаларда маҳсулот етиштиришнинг ихтисослашувини чуқурлаштириш бўйича Холдинг компания муассислигида ихтисослашган компаниялар ташкил этилади.
Бунда базавий туманлар ихтисослашган компанияларнинг асосий фаолияти учун марказ бўлиб ҳисобланади. Аҳоли томорқаларида ва деҳқон хўжалиги ер майдонларида маҳсулот етиштириш бўйича ихтисослашувни рағбатлантириш мақсадида қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари жорий этилади:
- узум кўчатини шпалерга ўтказишга ҳар бир шпалер учун 15 минг сўмгача субсидия берилади;
- томорқадаги боғларни янгилаш учун “ин-витро” кўчат сотиб олиш харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади;
- 2025 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уларнинг хариди учун ажратиладиган имтиёзли кредитларга 1 триллион сўм йўналтирилади.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 мартгача “Узех Агро” электрон савдо платформасида аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларида етиштирилган маҳсулотларни тўғридан-тўғри ташқи бозорларга сотиш имконияти яратилади.
2025 йилда Асака, Китоб, Бахмал, Хатирчи ва Фарғона туманларида, 2026 йилда эса қишлоқ хўжалигига ихтисослашган яна камида 5 та туманда кичик логистика марказлари, шу жумладан, сиғими 100 тоннадан кам бўлмаган музлаткичли сиғимлар, уруғлик, кўчат, кимёвий воситалар ва минерал ўғитларни тарқатиш марказлари барпо этилади.
Томорқа ва узоқ муддатли ижарага берилган ер майдонлари эгаларига онлайн маслаҳат ва маълумот олиш, молиявий хизматлардан фойдаланиш ҳамда маҳсулотларни сотиш бўйича ягона хизмат кўрсатиш ва мониторинг қилиш платформаси ишга туширилади.
Платформада деҳқонларга етиштирадиган маҳсулотининг 70 фоизигача миқдорда имтиёзли онлайн кредит ажратиш тизими ишга туширилади.
Изоҳ (0)