“Маҳалла еттилиги” тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитини ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар белгиланди:
- якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун асосий ставкадан 4 фоиз бандга юқори ставкада 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга ипотека кредитларини ажратиш;
- ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўлаб бериш;
- ипотека кредитлари ва улар бўйича субсидияларни расмийлаштириш ҳамда ажратиш тартиби.
Шунингдек, камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда кадастр паспортини расмийлаштириш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ тўловлар қиймати 50 фоизга камайтирилади.
Якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар subsidyplatform.mf.uz тўлов платформаси орқали ажратилади.
Турар жойи ночор аҳволдаги оилаларга ўз ҳовлисида уй қуриш ва таъмирлашга 120 миллион сўмгача ипотека кредити ажратилиши ҳақида Шавкат Мирзиёев 12 март куни ўтказган йиғилишда маълум қилинганди. 2 май куни президентнинг тегишли фармони имзоланди.
Фармонга мувофиқ, 2024 йилги дастур доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 12 фоиздан ошган қисмига, 2025 йил ва ундан кейинги йиллар дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошган қисмига тўланади;
Бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 2024 йилги дастурдан бошлаб қатъий белгиланган 30 миллион сўм миқдорида тўланади.
Изоҳ (2)
Meni voyaga yetmagan ikki farzandim bor ikki yoshli qizcham nogiron shu uy joy masalasida hokimlikka ham chiqdim portalga ham chiqdim hechqanday foydasi bo‘lmadi bunaqa narsalar faqat boylarga beriladi
Mahalla yettiligini qarindosh urug‘idan boylardan oshmidi bunaqa narsalar