Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонунга кўра, бундан буён Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати юритилади.
Ўзбекистон суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига, хавфсизлигига зид бўлган, шунингдек, давлатлараро ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар қилган ёхуд ҳаракатлар содир этган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу рўйхатга киритилади.
Рўйхатни юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади. Бундай шахсларни рўйхатга киритиш Олий Мажлис палаталарининг кенгашлари ҳамда махсус ваколатли органларнинг тақдимига биноан амалга оширилади.
Ўзбекистон ҳудудида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиши тақиқланади (Улар Ўзбекистонда ҳудудидаги ўз мулкини сотиши ёки ҳадя қилиши мумкин).
Агар рўйхатга киритилган шахс чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистонда турган ёки вақтинча яшаётган бўлса, унга мамлакатдан чиқиб кетиши учун 10 кунлик муҳлат берилади. Ушбу шахс белгиланган муддат ичида Ўзбекистондан чиқиб кетмаса ички ишлар органлари томонидан белгиланган тартибда депортация қилинади.
Қонунбузарнинг рўйхатда бўлиш муддати 5 йил ҳисобланади, агар у ушбу муддатда рўйхатга кириш учун асос бўлган сабабларни бартараф қилса, муддатидан илгари рўйхатдан чиқарилиши мумкин.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ (0)