Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Бангладешнинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Монирул Исломни қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Фарғона вилояти билан Бангладеш давлати ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар доираларини кенгайтириш, жумладан, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, терини қайта ишлаш, IT соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
Вилоят раҳбари Фарғона вилоятининг иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари, инфратузилма ва логистика шароитлари билан таништирди. Бангладеш билан савдо-иқтисодий ва маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантиришда ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Муҳаммад Монирул Ислом Фарғона вилояти ва Бангладеш давлати ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталди ҳамда бу борадаги алоқаларни жадаллаштириш бўйича фикр алмашилди. Хусусан, элчи тўқимачилик саноатида бирга ишлашга тайёрлигини айтиб, бангладешлик мутахассис ва муҳандисларни вилоятга юборишини билдирди.
Шунингдек, чарм-пойабзал, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, савдо-сотиқ соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, рақамли технологиялар бўйича вилоятдаги олий ўқув юртлари билан алоқаларни ўрнатиш масалаларига тўхталди. Бангладешда фармацевтика соҳаси ривожланганлиги, 140 дан ортиқ давлатларга маҳсулотлар экспорт қилинаётганлиги қайд этилиб, бу йўналишда ҳамкорлик қилиш бўйича фикр билдирилди.
Изоҳ (0)