Эстониялик акробат Яан Руз Осиёдан ва Европага канат орқали ўтган биринчи инсонга айланди. Бу ҳақда Hurriyet газетаси хабар берди.
Спортчи Босфор бўғози устидан деярли 1,1 минг метр узунликдаги канат бўйлаб юрган. Арқон Босфор кўприги устунлари орасига ердан 165 метр баландликда тортилган. Махсус мувозанатлагичларсиз икки нуқта орасида тортилган арқон бўйлаб юриш — слеклайн бўйича уч карра жаҳон чемпиони масофани 47 дақиқада босиб ўтган.
Акробат Босфор бўғозини “слеклайн учун алоҳида жой” деб таърифлаган. У тарихга кирганидан бахтиёрлигини билдирган. Спорт тадбири Туркия транспорт вазирлиги ва автомобиль йўллари бошқармаси томонидан уюштирилган.
Илгари дорбоз Италияда арқон устида 3,6 минг метр масофани босиб ўтишга эришганди. 2023 йилда спортчи Қатардаги Катара Towers осмонўпар биносининг миноралари орасида, 195 метрдан ортиқ баландликда тортилган 150 метрли LED чизиқ устидан юрган.
Руз 18 ёшида слеклайн билан шуғуллана бошлаган. У арқонда орқага икки марта ўмбалоқ ошишни уддалаган биринчи ва ягона спортчи ҳисобланади.
Изоҳ (0)