Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат ядровий салоҳиятини оммавий равишда ошириш ниятини маълум қилди.
“Ядро қуроллари сонини экспоненциал оширишга эришиш учун мамлакат ядровий кучларини мустаҳкамлаш сиёсатини олиб боради”, деди у Шимолий Корея давлати ташкил топган кун муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда.
Ким Чен Ин ўз нутқида “хавфсизлик соҳасидаги давлат ҳуқуқларини таъминлаш учун ядровий салоҳиятни ва жанговар тайёргарлигини янада чуқурроқ мустаҳкамлаш”га чақирган. У, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан келаётган турли таҳдидларга қарши туриш учун кучли ҳарбий мавжудлик зарурлигини таъкидлаган.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Пхеньян ҳозирда 20 дан 50 тагача ядровий каллакларга эга. Шимолий Кореядаги охирги ядровий синовлар 2017 йилда ўтказилган.
Сўнгги пайтларда Корея ярим оролидаги вазият сезиларли даражада ёмонлашган. Сўнгги икки йил ичида Шимолий Корея ракета синовлари сонини сезиларли даражада оширган ва АҚШ ҳамда Жанубий Кореяга нисбатан риторикасини кучайтирган. Шимолий Корея Россия билан ҳарбий ҳамкорликни ҳам кенгайтирган.
Изоҳ (0)