Ўзбекистонда Паралимпия спорт турларини ривожлантириш юзасидан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.
Маълум қилинишича, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ташаббуси билан Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашед ва Кўзи ожизлар спорти федерацияси раиси Илгар Рахимов билан мамлакатда паралимпия ҳаракатини ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Учрашувда Париждаги Паралимпия ўйинларида спортчиларнинг эришаётган натижалари ҳам қайд этилди. 2025 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “V ёзги ўсмирлар Осиё ўйинлари”ни ўтказиш юзасидан барча ташкилий масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Томонлар мазкур спорт тадбирини муваффақиятли ўтказиш учун ўзаро ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор эканини билдирган.
Аввалроқ Париж Олимпиадасида дзюдо бўйича баҳсларда олтин медални қўлга киритган Диёра Келдиёрова Паралимпия баҳсларида қатнашаётган Ўзбекистон делегацияси вакиллари билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланган.
Изоҳ (0)