Фарғона вилояти Қува туманида юк машинасига урилган микроавтобус пачоқланиб кетди. Вилоят ЙҲХБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Унга кўра, ҳолат 5 сентябрь куни соат 11:20 ларда Қува тумани ҳудудидан ўтган 4Р-112 Фарғона ҳалқаси автомобиль йўлининг 186-километрида содир бўлган. Hyundai русумли микроавтобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четида тўхтаб турган юк машинасига бориб урилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Қува тумани Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда 2023 йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганига қарамай, қайтадан рулга ўтирган шахслар 707 та ЙТҲ содир этган. Бунинг оқибатда 212 нафар шахс вафот этган, 546 нафари эса турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинганлар умумий ҳайдовчилар сонининг 0,3 фоизини ташкил қилгани ҳолда, улар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари жами юз берган аварияларнинг 11 фоизини ташкил этган.
2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича қонуний равишда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар томонидан 10 миллион 200 мингдан ортиқ қоидабузарлик содир этилган.
Қайд этилишича, бу даврда ЙТҲнинг 58,5 фоизи пиёдалар иштирокида содир этилган. Пиёдалар иштирокидаги ҳодисаларнинг 20 фоизи пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилмагани оқибатида, 19 фоизи эса пиёдалар ўтиш жойи мавжуд бўлса-да, пиёдалар томонидан онгли равишда йўл ҳаракати қоидаларига бўйсунмасдан йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтишлари оқибатида содир бўлган.
Изоҳ (0)