Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҲАМАС томонидан гаровга олинган олти нафар исроилликнинг ўлдирилиши муносабати билан Ғазодаги вазиятни тартибга солиш бўйича музокараларни тўхтатишга ҳаракат қилаётганини маълум қилди.
“Мен ҲАМАС билан музокараларни тўхтатишга ҳаракат қиляпман. Олти нафар фуқароси гаровга олинган ҳолда ўлдирилган давлат қотиллар билан музокаралар олиб бормайди, балки музокараларни тўхтатади, уларга ёқилғи ва электр энергияси етказиб беришни тўхтатади, таслим бўлмагунча уларни эзади. Музокараларнинг давом этиши уларни тобора кўпроқ террор яратишга ундайди, деди вазир Х саҳифасида.
Баёнот Ғазо секторида ўғирлаб кетилган олти исроилликнинг ўлдирилиши ҳақидаги хабардан бир неча кун ўтиб эълон қилинди.
Исроил миллий хавфсизлик вазири Ғазо бўйича музокаралар ва келишувларга доимий равишда қарши чиққан. Унинг фикрича, улар Исроилнинг ҳозирги урушда ғалаба қозонишига ҳисса қўшмайди. Мамлакат раҳбарияти томонидан қўйилган уруш мақсадлари эса барча гаровга олинганларни озод қилиш билан бирга, ҲАМАСнинг ҳарбий ва сиёсий салоҳиятини тўлиқ йўқ қилишни назарда тутади.
Ғазо бўйича воситачилар орқали музокаралар бир неча ҳафтадан буён Қоҳира ва Доҳада олиб борилмоқда, бироқ аниқ муваффақият ҳақида хабар берилмаган. Исроилнинг Ғазо ва Миср ўртасидаги чегарада назоратни сақлаб қолиш талаби Фаластин анклавидаги вазиятни тартибга солиш бўйича келишувга эришиш йўлидаги тўсиқлардан биридир. Исроил расмийлари мамлакат армияси чиқиб кетган тақдирда, ҲАМАС қайта қуролланиб, жанговар салоҳиятининг бир қисмини тиклай олишига ишонч билдирган.
Изоҳ (0)