UFC президенти Дана Уайт Жон Жонс ва Стипе Миочич UFC 309 турнирида жанг қилишини маълум қилди.
Турнир 17 ноябрь оқшомида Ню-Йоркдаги “Медисон-сквер-гарден” стадионида бўлиб ўтади. Уайт турнирнинг тўлиқ карди шаклланганидан сўнг анонсни эълон қилишини таъкидлади.
Оғир вазн тоифасидаги титул жанги UFC 295 турнирида бўлиб ўтиши лозим эди, бироқ Жонс жароҳат олиб, жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказганидан сўнг жанг бекор қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 5 март куни UFC 285 турнири доирасида бўлиб ўтган жангда Жон Жонс оғир вазн тоифасида вакант камар учун Сирил Ганга (11-2) қарши жанг қилганди. Ярим оғир вазн тоифасининг собиқ чемпиони биринчи раунддаёқ Ганни бўғиш усули билан таслим этиб, оғир дивизион титулига эга чиққанди.
Миочич эса 2021 йил март ойидан буён октагонга кўтарилмаган. Ўшанда Френсис Нганну Стипени нокаутга учратганди.
Изоҳ (0)