Ўзбекистонда йўл ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими оператори АТТО ва Бишкек жамоат транспорти тизим оператори ўртасида 19 август куни ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда АТТО матбуот хизмати ва Бишкек мэрияси хабар берди.
Меморандумдан мақсад икки давлат шаҳарларидаги жамоат транспортида тўловларни ўзаро қабул қилиш имкониятидир.
“Тез орада Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб саёҳат ҳақини “Тулпар” карталари билан, Ўзбекистон фуқаролари эса Бишкекда АТТО карталари орқали тўлашлари мумкин бўлади. Фаол ривожланаётган туризм шароитида бундай ҳамкорлик икки мамлакат аҳолисининг саёҳатларини янада қулай қилади”, дейилади АТТО матбуот хизмати хабарида.
Бишкек мэрияси хабарида айтилишича, ушбу ҳамкорлик транспорт тизимларини интеграциялашувини тезлаштиради.
Айни пайтда тизимлараро интеграция ишлари олиб борилмоқда.
“Тулпар” — Қирғизистоннинг Бишкек шаҳар жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизими операторидир.
Изоҳ (0)