Буюк Британия Мудофаа вазирлиги қуролли кучларни модернизация қилиш учун бюджетни жиддий қисқартиришни режалаштирмоқда, дея хабар берди The Telegraph манбалари.
Жорий молиявий йилда фан ва технология, тадқиқот ва ишланмаларга сарфланадиган харажатлар тахминан 20 фоизга қисқариши кутилмоқда. Юзлаб одамлар ишдан бўшатилиши мумкин.
Нашрнинг Мудофаа вазирлигидаги манбасига кўра, илғор технологияларга сарфланадиган харажатларни қисқартириш Британия армиясининг Хитой, Россия ҳамда АҚШ армиясидан янада орқада қолишига олиб келади.
“Бу бизнинг қуролли кучларимиз жанговар тайёргарлигини камайтиради ҳамда Буюк Британиянинг хавфсизлиги ва ҳимояси заифлашишини англатади”, дейди The Telegraph суҳбатдоши.
Нашрнинг таъкидлашича, лейбористлар партияси вакиллари бўлган амалдорлар сайлов кампанияси пайтида армия модернизация харажатлари 20 фоизга қисқартирилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Мудофаа вазирлиги вакили маълумотни нотўғри деди. У лейбористлар ҳукумати яқин келажакда ялпи ички маҳсулотнинг 2,5 фоизи миқдорида мудофаа харажатларини таъминлашига ваъда берди. Ҳозир бу кўрсаткич 2,3 фоиз атрофида.
Изоҳ (0)