Туркияда қўлга олинган қидирувдаги ўзбекистонлик аёл мамлакатга депортация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, у 1987 йилда туғилган Барно Иноятова (тахаллуси Бону) бўлиб, фирибгарлик жиноятларини содир этганликда айбланиб, 2024 йилдан буён қидирувда бўлган. Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Истанбул шаҳрида қўлга олинган аёл 12 август куни бош консулхона ходимлари иштирокида Ўзбекистонга депортация қилинди.
Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралди.
Бош консулхона сўнгги вақтларда фирибгарлик содир этилиши ҳолатлари юзасидан келаётган мурожаатлар сони ортганини инобатга олиб, фуқаролардан уларга алданиб қолишдан огоҳ бўлишга чақирди.
Бундан аввал автомобиль олди-сотдисидаги фирибгарлик учун қидирувда бўлган ўзбекистонлик эркак Туркияда ушланганди. Ўзбекистон давлат бюджетига 12 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказган шахс Қирғизистонда қўлга олинганди.
Изоҳ (0)