Тошкент шаҳрининг Учтепа ва Яшнобод туманларида ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Учтепа туман бўлими, ДХХ ва божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда қонунга хилоф равишда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаролар Б.Қ. ва О.Қ. Cobalt ҳамда Lacetti автомашинасида тегишли божхона ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган хорижда ишлаб чиқарилган жами 4 910 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини Тошкент шаҳрида сотиш мақсадида олиб келганликлари аниқланиб, ушбу тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган А.С. харидорга акциз маркасиз тамаки маҳсулотини сотган вақтида ушланиб, унинг ёнидан турли номдаги хорижда ишлаб чиқарилган жами 1 689 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)