Маълум қилинишича, 7 май куни Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёевга тақдимот ўтказилиб, унда армияни рақамлаштириш ва киберхавфсизликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилди. Тақдимотда автоматлаштирилган бошқарув тизимларини янада ривожлантириш, роботлашган ва автоном мажмуалардан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар таклиф этилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида Рақамли технологиялар бош бошқармаси, Сунъий интеллект технологиялари департаменти ва Киберхавфсизлик лабораториясини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Республиканинг барча ҳудудларида узлуксиз ва барқарор алоқани таъминлаш мақсадида Сунъий йўлдош алоқа маркази фаолияти йўлга қўйилади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Мудофаа соҳасида ягона рақамли сиёсатни юритиш мақсадида мудофаа вазирининг рақамлаштириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Ҳарбий округларда эса қўмондонларнинг рақамлаштириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича ўринбосарлари лавозимларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Тақдимот якунида Олий бош қўмондон билдирилган таклифларни маъқуллаб, армияни янада рақамлаштириш, қўшинларга замонавий ахборот-коммуникация тизимлари ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган ҳужжатларни имзолади.
Мутасаддилар олдига мудофаа соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, миллий сунъий интеллект моделларини яратиш ва малакали ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар қўйилди.