Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу 5 август куни Эрон пойтахти Теҳронга келган. Бу ҳақда Россиянинг “Интерфакс” нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, ташрифдан мақсад Эрон раҳбарияти, жумладан, янги сайланган президент Масъуд Пезешкиён билан музокаралар олиб боришдир. Икки томонлама учрашувларда хавфсизликка оид муҳим келишувларга эришилиши хабар берилган.
Ташриф Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи раҳбари Исмоил Ҳания ўтган ҳафта Теҳронда ўлдирилганидан сўнг кенг минтақавий уруш қўрқуви остида Яқин Шарқда кескинлик кузатилаётган бир пайтда амалга оширилмоқда. Шу боисдан ҳам Ғарб нашрлари бу ташрифни “стратегик” деб атаган.
Эрон Исмоил Ҳания ўлимида Исроилни айблаган. Бу ҳаракат учун тез орада муносиб жавоб қайтарилиши маълум қилинган.
Бир қатор таҳлилчилар Эронга Россия олий вакили ташрифи янги қурол-яроғ битимини англатиши мумкинлигини билдирган. Айни кескинлик даврида эса Эронга бундай битим ниҳоятда зарур.
Шойгунинг Эронга ташрифи ҳақидаги тўлиқ тафсилотларни Москва ҳозирча ошкор этмаган. Яқин фурсатларда келишувлар юзасидан баёнот берилиши айтилган.
Изоҳ (0)