Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қозоғистонда бўлиб ўтган “Заковат” халқаро мусобақасида миллат маърифатпарварлари бўлган Ўзбекистондаги жадидлар ва Қозоғистондаги Алаш ҳаракати вакилларини эслаб ўтди, уларнинг ўхшаш тарихи ҳақида гапирди.
“ХХ аср бошларида жадидлар ҳам, Алаш ҳаракати вакиллари ҳам ягона мақсад – халқни озод қилиш ва ватан равнақига интилганлар. Барчасининг орзуси тараққий этган жамият бўлган. Нима учун минтақамиз ривожланишда дунё мамлакатларидан ортда қолаётганини ўлкамиз зиёлилари яхши англаган. Лекин уларга ўйлаган ниятларини амалга ошириш имкони берилмади”.
Бугун мамлакатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли уларнинг улуғ ишлари давом эттирилмоқда. Саида Мирзиёева шундай деди:
“Бир неча авлод алмашди. Мана энди, давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси сабаб бўлиб, жадидларнинг йиқилган байроғини тикламоқдамиз. Худди биздаги каби Алаш ҳаракати тараққийпарвар ёшлар учун намуна ҳисобланади. Биз уларнинг ғояларини амалга ошириш, маърифат ва таълимни улар орзу қилган даражага етказиш ҳаракатини бошладик”.
Саида Мирзиёева, шунингдек, “Заковат” клубининг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги интеллектуал ривожланиш ва маданий алмашинув рамзи сифатидаги аҳамиятини таъкидлади:
“Айнан шунинг учун бугун сизларни – ‘Заковат’ клубининг қозоғистонлик ва ўзбекистонлик иштирокчиларини қутламоқдамиз. Келинг, бир-биримизни олқишлайлик!”
Изоҳ (0)