Франциянинг Париж шаҳрида ёзги Олимпиада баҳсларида бокс мусобақалари ҳам давом этмоқда.
-71 кг вазн тоифасида ҳаракат қиладиган Асадхўжа Мўйдинхўжаев турнирдаги иккинчи жангини даниялик Николай Тертерянга қарши ўтказди.
Ўзбекистонлик боксчи биринчи раундда кичик устунликка эришди. Иккинчи раундда ҳам Асадхўжа устунликка эришди, бу ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Иккинчи раундда ҳакамларнинг барчаси Асадхўжага 10 очко тақдим этди.
Сўнгги раундда спортчи хотиржамлик билан жанг ўтказди ва ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозонди. Шу тариқа ўзбекистонлик боксчи ярим финалга йўл олди. Кейинги босқичда Асадхўжа америкалик Омари Жонсга қарши курашади. Баҳс 6 август куни бўлиб ўтади.
Асадхўжа Мўйдинхўжаев мусобақадаги илк жангини мисрлик Омар Элавадига қарши ўтказиб, мутлақ устунлик қилиб ғалаба қозонган эди.
Изоҳ (0)