Ўзбекистонда сўнгги бир ойда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишлар натижасида давлат манфаатларига 234 миллиард 778 миллион сўмлик зарар етказилди. Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, июль ойида “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 801 та ҳолатда истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Бунда 115,2 миллиард сўмлик электр энергияси (169 миллион 492 минг киловатт/соат) ва 119,5 миллиард сўмлик табиий газ (53 миллион 552 минг метр куб) талон-торож қилиниши натижасида давлат манфаатларига жами 234 миллиард 778 миллион сўмлик зарар етказилган.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 304 та маъмурий иш расмийлаштирилган. Хусусан, ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган ҳолатларнинг 412 таси электр энергияси, 63 таси эса табиий газдан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйилгани маълум бўлган.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.
Апрель бошларида Сурхондарё вилоятининг Денов, Қашқадарё вилоятининг Муборак ҳамда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилган, Андижонда 1,3 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ишлаб чиқариш цехи аниқлангани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)