Сирдарё вилояти, Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи катта йўл ёқаларида “Андижон музқаймоғи” савдоси билан шуғулланувчи фуқаролар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар берди.
Қўшимча қилинишича, Санэпидқўмита Сирдарё вилоят бошқармаси Оқолтин туман бўлими мутахассислари томонидан катта йўл юзида белгиланмаган жойда санитария талабларига зид равишда сотилаётган музқаймоқлар савдоси бартараф этилди.
Шунингдек, белгиланмаган жойда музқаймоқ сотаётган фуқаролар билан аҳолига ноқулайлик келтирмаслик ва санитария талабларига зид равишда йўл юзида савдо фаолиятини олиб бормаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
“Йўл юзида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари санитария талабларига мутлақо тўғри келмайди. Чунки, озиқ-овқат таркибидаги оқсил, ёғ, сув, витамин ва углеводлар микробларнинг кўпайиши учун жуда қулай муҳит ҳисобланади. Ҳозирги иссиқ об-ҳаво шароитида йўл юзида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати тез бузилади. Бир қарашда хавфсиз кўринган маҳсулотлар турли хилдаги заҳарланишга, бунинг натижасида организмнинг кучли сувсизланиши, ҳолсизлик, иситма ва қайт қилишга сабаб бўлиши мумкин”, – дейилади хабарда.
Изоҳ (0)