Америка Қўшма Штатларида листериоз эпидемияси эълон қилинди, у аллақачон 12 та штатни қамраб олган ва икки кишининг ҳаётига зомин бўлган. Бу ҳақда Касалликларни назорат қилиш маркази (CDC) тегишли баёнот берди.
Қайд этилишича, инфекция қурбонлари Иллинойс ва Нью Жерси штатларида яшаган. Яна 28 киши касалхонага ётқизилган. Кўпгина беморлар Мэриленд ва Нью Йоркда аниқланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар озиқ-овқат дўконларида харид қилинган тайёр гўшт ва колбаса маҳсулотларидан заҳарланган.
Таъкидланишича, юқумли касаллик ҳомиладор аёллар, 65 ёшдан ошган ва иммунитети заиф инсонларни ўлимга олиб келиши мумкин.
Аввалроқ, 17 июль куни Канада ҳукумати листериоз касаллиги авж олгани ҳақида хабар берганди. Унда айтилишича, инфекция икки кишининг ўлимига сабаб бўлган ва яна тўққиз киши касалхонага ётқизилган. Умуман олганда, ўша пайтдаги расмий маълумотларга кўра, 12 та инфекция ҳолати аниқланган, улардан 10 таси Онтариода, иккитаси Квебек ва Янги Шотландияда қайд этилган.
Изоҳ (0)