Қашқадарё вилоятида сув насосларини электр тармоғига яширинча улаб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган фермер хўжалиги аниқланди, деб хабар беради “Ўзэнергоинспекция” матбуот хизмати.
Қайд этилишича, “Ўзэнергоинспекция” Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан назорат тадбири ўтказилган. Тадбирда Косон туманида жойлашган “Б.И.” фермер хўжаликларига тегишли бўлган дала майдонларига ўрнатилган иккита сув насосини ўзбошимчалик билан тармоққа тўғридан тўғри улаб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 664,6 миллион сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Аввалроқ Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида икки нафар фуқаро 917,2 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистонда 2024 йилнинг биринчи ярмида 550 миллиард сўмдан ортиқ электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.
Изоҳ (0)