Япониянинг Ямагата префектураси маъмурияти аҳоли кунига камида бир марта бўлса ҳам кулиши керак бўлган қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда “Парвила жизни” нашри хабар берди.
Таъкидланишича, мазкур қарор лойиҳаси либерал-демократик партия томонидан илгари сурилган. Депутатлар ташаббусни маҳаллий университетлардан бирининг ўрганиш натижалари билан асослашди. Аниқланишича, тез-тез куладиган одамларда эрта ўлим ва юрак-қон томир касалликлари камроқ кузатилар экан.
![](/static/2024/07/13/d64cbbbb6937d761269a23d1abd897cf-veVHqU0-.webp)
Ҳужжатда Ямагата префектураси аҳолиси жисмоний ва психологик саломатликни мустаҳкамлаш учун кунига камида бир марта кулишга чақирилган. Шунингдек, иш берувчилар иш жойларда кулгига тўла муҳит яратишга даъват этилган.
Ямагатада ҳар ойнинг 8-кунини “аҳолининг руҳий ва жисмоний саломатлигини кулги орқали мустаҳкамлаш куни” деб эълон қилинди. Ушбу қарор айрим депутатлар томонидан танқид ҳам қилинган: улар касаллик ёки бошқа сабабларга кўра кулиши қийин бўлган одамларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш мумкинлигини таъкидлаган. Шу сабабли одамлар кулишга мажбурланмайди.
![](/static/2024/07/13/2924d830eb6bf5b13c3ce9b04a22a520-U9Z7pKd7.jpg)
“Янги қарорда инсоннинг шахсий қарорига ҳурмат кўрсатилиши таъкидланган”, — дея тушунтирди депутатлардан бири.
Бу каби ташаббуслар аввалроқ Япониянинг бошқа минтақаларида ҳам қўлланилган. Мисол учун, Хоккайдо префектураси 8 августни “Кулги куни” деб эълон қилган, Осакада эса кулги орқали саломатликни мустаҳкамлаш дастурлари ишлаб чиқилган.
Изоҳ (0)