Президент Шавкат Мирзиёев 11 июль куни Фарғонада 65 минг аҳоли учун мўлжалланган “Янги Ўзбекистон” турар жой массивига ташриф буюриб, у ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишган эди.
Массив ҳудудида “Янги Ўзбекистон” боғи ҳам жойлашган. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бугун, 12 июль куни ушбу боғнинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда давлат раҳбарининг Фарғона аҳлига табригини ўқиб эшиттирди.
“Президентимиз фарғоналикларни Янги Ўзбекистонимизнинг ёрқин тимсолларидан бири сифатида қад ростлаган бундай файзли ва муҳташам маскан билан муборакбод этди.
Давлатимиз раҳбари ўз қутловида боғ ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаби кўплаб муносиб мутахассислар етишиб чиқишига, 4 минг томошабинга мўлжалланган замонавий амфитеатр эса Фарғона водийсининг санъат анъаналарини давом эттирадиган истеъдодли ёшлар учун ўзига хос ижодий парвоз майдонига айланишига ишонч билдирди”, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)