Тошкент шаҳри Сергели тумани Қипчоқ кўчасида учта автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Пойтахт ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига кўра, ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, 9 июль куни соат 19:40 ларда Сергели тумани Қипчоқ кўчасида 43 ёшли Д.У. (аёл) бошқарувида бўлган Spark русумли автомашина 40 ёшли А.А. бошқарувидаги Spark ҳамда 22 ёшли И.М.нинг Honda русумли автомашинаси билан тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида Д.У. бошқарувида бўлган Spark русумли автомашинаси йўловчиси — 33 ёшли аёл шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.
Spark русумли автомашина ҳайдовчиси Д.У. ва Honda йўловчиси бўлган 22 ёшли М.Р. тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Аввалроқ Андижон вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган йигит машина бошқариб, автоҳалокат содир этгани, Тошкент вилоятида бошқарувни йўқотган Damas каналга тушиб кетгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Навоийда содир бўлган ЙТҲда бир оиланинг 5 аъзоси ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)