Хитойнинг шарқий қисмида 6 июль куни юз берган торнадо оқибатида 5 нафар фуқаро ҳалок бўлди. Бу ҳақда Хитой маҳаллий нашрларига таяниб, CNN хабар берди.
Табиий офат ҳақида дастлаб Хитойнинг Sinxua давлат ахборот агентлиги хабар тарқатган. Пекиндаги ҳукумат нашрлари торнадо ҳақидаги хабарларни тасдиқлаган.
Торнадо оқибатида кўплаб турар жой бинолари ҳамда давлат муассасаларига шикаст етган. Дарахтлар йиқилиб, йирик магистраллар тўсилиб қолган.
“Ўта нотабиий об-ҳаво торнадони келтириб чиқарди. Табиий офат фавқулодда тез бошлангани сабаб тайёргарлик кўришга улгурилмади”, дейилади торнадо бевосита кузатилган Донгминг тумани Фавқулодда вазиятларни бошқариш бюроси хабарида.
Sinxua агентлиги хабарига кўра, Шаньдун провинциясининг Кайюань шаҳрида торнадо туфайли 2820 та уй зарар кўрган, 5 киши ҳалок бўлган, камида 88 киши турли даражада жароҳат олган.
Хитойда торнадолар вақти-вақти билан учраб туради. Мамлакат шарқий ва жанубий ҳудудларида йилига 100 га яқин торнадо кузатилади. 1961 йилдан бери Хитойда 1772 киши торнадо олиб келган вайронгарчилик туфайли вафот этган.
Олдинроқ Хитой метеорология бошқармаси мамлакатдаги иқлим ўзгариши ҳолати бўйича йиллик “Мовий китоб”ни эълон қилган эди. Унда айтилишича, мамлакат 1901 йилдан бери энг иссиқ йилни бошдан кечирмоқда. Экстремал иқлим шароитида эса табиий офатлар: торнадо ва довуллар тез-тез ва нисбатан кучли миқёсда содир бўла бошлайди.
Мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ҳам экстремал об-ҳаво билан курашмоқда. Хитой шимолида кучли қурғоқчилик ва ўта юқори ҳарорат, жанубида эса кучли ёмғирлар сабаб тошқинлар юзага келиши кузатилмоқда.
Изоҳ (0)