Америка Қўшма Штатлари Хитой дунё тартибини ўзгартиришни хоҳлайдиган ва унга қодир бўлган ягона давлат эканлигини таъкидлади. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Курт Кемпбелл маълум қилди.
“АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг Хитой жаҳон тартибини ўзгартириш ниятида бўлган ва бунинг учун иқтисодий, дипломатик, ҳарбий ва технологик кучга эга бўлган ягона давлат эканлиги ҳақидаги баҳоси кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланади”, — деди у Миллий хавфсизлик кенгашидаги чиқиши давомида.
Кемпбелл аввалроқ Қўшма Штатлар Хитойни жаҳон саҳнасида асосий ўйинчи сифатида тан олиши ва Хитойга нисбатан конструктив дипломатия олиб бориши кераклигини айтган эди.
НАТО давлатлари эса Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватлагани учун Хитойга қарши иқтисодий санкциялар қўллаши мумкинлиги хабар қилинган.
Хусусан, BBC’га берган интервьюсида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс Хитойга қарши эҳтимолий санкциялар муҳокама қилинаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Хитой “Украинага қарши ишлатиладиган ракета ва қуролларни яратишда Россия учун зарур бўладиган кўплаб технологияларга эга”.
“Маълум бир босқичда, агар Хитой ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартирмаса, баъзи иқтисодий жазолар ҳақида ўйлашимиз керак”, — деди Столтенберг.
Изоҳ (0)