НАТО давлатлари Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватлагани учун Хитойга қарши иқтисодий санкциялар қўллаши мумкин, деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг. Унинг фикрича, Хитой ҳам Россия, ҳам Ғарб билан яхши муносабатларни сақлаб,“"икки стулда ўтиришга ҳаракат қилмоқда”, аммо бу узоқ давом эта олмайди.
BBC’га берган интервьюсида НАТО бош котиби альянс Хитойга қарши эҳтимолий санкциялар муҳокама қилинаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Хитой “Украинага қарши ишлатиладиган ракета ва қуролларни яратишда Россия учун зарур бўладиган кўплаб технологияларга эга”.
“Маълум бир босқичда, агар Хитой ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартирмаса, баъзи иқтисодий жазолар ҳақида ўйлашимиз керак”, — деди Столтенберг. У эҳтимолий санкциялар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.
12 июнь куни АҚШ Молия вазирлиги Россияга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтириб, 300 дан ортиқ янги чекловлар киритди. Хусусан, санкциялар Хитойнинг мудофаа компанияси Poly Technologies, компьютер ускуналари ишлаб чиқарувчи DeepCооl, Daytek савдо ва консалтинг компанияси, Аsialink транспорт-логистика компанияси ва электрон жиҳозлар етказиб берувчи Chongqing Fagima Electro-mechanical Equipment компаниясига ҳам тааллуқли бўлди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШдан санкцияларни бекор қилишни талаб қилди.
Изоҳ (0)