Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Серхио Рамосни “Ан-Насср”га ўтишини хоҳламоқда. Бу ҳақда АS нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 38 ёшли футболчининг трансферига клуб спорт директори Фернандо Ерро ҳам қизиқмоқда. Рамосга бир неча миллион долларлик шартнома таклиф қилинади. Араб клубидан ташқари испаниялик футболчига Туркия ва MLS клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Кеча, 17 июнь куни “Севилья” Рамоснинг шартнома муддати тугаши муносабати билан жамоани тарк этишини эълон қилди. Ўтган 2023—2024 йилги мавсумда ҳимоячи 37 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди.
Рамос Роналду билан 2009—2010 йилги мавсумдан 2017—2018 йилги мавсумгача “Реал Мадрид”да ўйнаган. Бу вақт ичида футболчилар икки марта Испания чемпионлиги, икки марта Испания кубоги ва икки марта Испания Суперкубогини қўлга киритди. Халқаро майдонда футболчилар тўрт бор Чемпионлар Лигаси турнирида, уч марта Суперкубок баҳсларида ва уч бора клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.
Изоҳ (0)