Украина президенти Владимир Зеленский Хитой раҳбари Си Цзиньпин унга Россияга қурол етказиб бермасликка ваъда берганини айтди, дея Deutsche Welle хабар берди.
Мен Хитой раҳбари билан телефонда гаплашдим. У Россияга қурол сотмаслигини айтди. Кўрамиз. Агар у ахлоқли одам бўлса, ундай қилмайди. Чунки у менга сўз берди, — деди Зеленский Италиядаги G7 саммити доирасидаги матбуот анжуманида.
Шунингдек, Зеленский саммитда АҚШ ва Украина ўртасида тузилган хавфсизлик келишувини Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши йўлидаги муҳим қадам деб атаган.
Шартномада АҚШ Украинанинг келажакдаги НАТО аъзолигини қўллаб-қувватлаши ва хавфсизлик келишуви Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши учун кўприк эканлигини тан олиши айтилади, — дея қўшимча қилган Украина раҳбари.
Россия билан ҳамкорлиги юзасидан Хитойга нисбатан айбловлар
Аввалроқ Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шаппс Хитойни Россияга ҳалокатли қурол етказиб беришда айблаган эди. У Россия ва Хитой ўртасида қуроллар соҳасида ҳамкорлик бўйича далилларга эга эканлигини айтган.
Шунингдек, Германия ва АҚШ ҳукумати Хитойни Россия билан санкцияларни четлаб ўтишда ҳамкорлик қилишдан огоҳлантирган. Bloomberg’га кўра, Пекин Москвани ҳарбий мақсадлар учун геофазовий разведка маълумотлари, шунингдек, ҳарбий саноат учун зарур бўлган микроэлектроника, танклар ишлаб чиқариш учун машиналар ва ракеталар ёнилғиси билан таъминлайди.
Изоҳ (0)