Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёл бош вазир Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги U-Enter инновацион тадбиркорлик маркази фаолияти билан ҳам танишди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон—Корея Инновацион келажак ёшлари билан суҳбатда Ўзбекистон томони Корея Республикасини муҳим ҳамкор, ишончли дўст ҳамда стратегик шерик сифатида эътироф этишини, Олий даражадаги яқин ва ишончли мулоқот мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Корея ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш агентлигининг қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган U-Enter Инновацион тадбиркорлик маркази Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси асосида ўзбекистонлик ёш тадбиркорларга ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари учун ҳар томонлама кўмак беришга мўлжалланган.
Корея президенти марказнинг фахрий меҳмонлар китобига ўзининг самимий дил сўзларини ёзиб қолдирди.
Изоҳ (0)