Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорасув дарёси ўртасида қолиб кетган бола қутқарилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 10 июнь куни соат 13:50 да Тошкент вилояти ФВБга Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорасув дарёси ўртасида бир бола қолиб кетгани тўғрисида хабар келиб тушган. Маълум бўлишича, дарёга чўмилиш мақсадида борган бола сузиб, ҳолдан тойган ва дарё марказидаги оролчага чиқиб олган. Сув оқимининг тезлиги юқори бўлгани сабабли орқага қайтишнинг имкони бўлмай қолган.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент вилояти ФВБ қутқарувчилари зудлик билан айтилган манзилга етиб борган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида оролчада қолиб кетган бола махсус анжомлар ёрдамида соғ-саломат қирғоққа олиб ўтилган.
Апрель бошларида Тошкентнинг Чилонзор туманидан оқиб ўтувчи Бўрижар каналида 3 киши чўкиб кетгани тўғрисида хабар берилганди. Январь ойи ўрталарида эса Сирдарёда ўқувчилар бўлган Gentra каналга тушиб кетиши оқибатида эгизаклар сувда ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)