Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бугун Озарбайжондан ташриф буюрган Tobus Bashtiyan Ltd компанияси раҳбари Наиг Маммадхасанов ва Kaspian Kapital Group компанияси раҳбари ўринбосари Адалат Ахуновни қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда меҳмонларга вилоятнинг инвестицион салоҳияти ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар тақдимот қилинган.
Хусусан, узумчилик ва виночилик, “Омонохона” ва “Сангардак” ҳудудларида туризм лойиҳаларини амалга ошириш, Термиз шаҳридаги эски уйларни реновация усулида ҳамда бўш турган ер майдонларида 30 мингга яқин кўп қаватли турар жойлар ва замонавий йўллар қуриш йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Меҳмонлар мавжуд имконият ва шароитлар маъқул эканлигини билдириб, лойиҳаларнинг техник ва иқтисодий томонларини ишлаб чиқиш ҳамда қисқа муддатларда лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирган.
Изоҳ (0)