Фарғона, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ноқонуний валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган шасхлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Ф.Т. жами 4 минг долларни фуқаро М.А.га 55,9 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг ёнидан 4,5 минг доллар, 5 минг Россия рубли, 1 150 Қирғиз соми ва 73 миллион сўм ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, департамент ҳамда ДХХнинг Навоий вилояти бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Ч.Д. ва Ч.З. жами 3,5 минг долларни фуқаро Х.К.га 44,5 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Нишон туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Ж.Т. жами 3 минг долларни фуқаро Б.Т.га 38 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижон ва Қашқадарё вилоятларида валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритилишига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Бухоро ва Хоразм вилоятларида валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинган эди.
Изоҳ (0)