“Асакабанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк” ва “Алоқабанк”нинг Tashkent City халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги кўп қаватли бинолари сотувга қўйилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу битимга KPMG компанияси сотиш жараёнини ташкил этиш бўйича консултант сифатида жалб қилинган.
Давактив агентлиги мазкур сотув жараёнларини ташкиллаштиришда тижорат банклари (актив эгалари) ва консултант ҳаракатларини мувофиқлаштиради.
Савдо жараёнларининг мазкур босқичида, консултант томонидан инвесторларнинг мазкур активларни сотиб олишга бўлган қизиқишлари ўрганилади. Бозордаги ушбу бизнес марказларини сотиб олишга бўлган қизиқишини ўрганиш, KPMG томонидан Активлар тўғрисида тайёрланган инвестицион тизерларни соҳадаги инвесторларга, шу жумладан халқаро инвесторларга юбориш ва улар билан индивидуал мулоқотга кириш орқали амалга оширилиши режалаштирилган.
“Инвесторларнинг мазкур бизнес марказларини сотиб олишга қизиқишларини, шунингдек сотиб олиш шакли, яъни бинони тўлиқ сотиб олиш ёки лотларга бўлган ҳолда сотиб олиш бўйича фикрларини ўрганиш орқали сотишга ёндашув механизми ишлаб чиқилади”, – дейилади хабарда.
Изоҳ (0)