Сурхондарёнинг 13 та ҳудудини табиий газ билан таъминлаш сифати ва барқарорлиги яхшиланади, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, вилоят аҳолиси ва саноат тармоқларига табиий газ етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида “Шўртан—Шеробод” МГҚ 2-тармоғида янги қурилган 10,9 километр магистрал газ қувурини 1-тармоққа улаш, шунингдек, “Музработ—Душанбе” магистрал газ қувурининг иккита қисмида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Шу муносабат билан 28 май куни соат 18:00 гача Термиз шаҳри ҳамда Термиз, Жарқўрғон, Ангор, Қизириқ, Бандихон, Қумқўрғон, Шеробод, Музработ ва Бойсун туманларидаги барча истеъмолчиларга, шунингдек, Денов, Шўрчи ва Олтинсой туманларидаги метан заправкаларга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади.
“Мазкур ишлар келгусида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда саноат тармоқларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганлигини билдирган ҳолда, келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз”, — дейилади хабарда.
Тармоқлардаги модернизация ишлари якунлангач табиий газ таъминоти қайта тикланади.
Изоҳ (0)