Исроил ҳаво кучлари 28 май куни Рафаҳ ғарбидаги аҳоли пунктларига ҳужум уюштириши оқибатида 21 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Jazeera нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, ҳужум Ал-Мавасий мавзесида амалга оширилган. Ушбу ҳудудда Ғазо шимоли ва Хон Юнисдан кўчирилган фаластинликлар яшаб келаётган бўлган.
Ҳужум оқибатида ўнлаб фуқаролар жароҳатланган. Ҳужум уюштирилган лагерда шифохона бўлмагани боис жароҳатланганлар кўчада қолиб кетмоқда.
Исроил нишонга олган ҳудуд чодирлар ўрнатилган қочқинлар лагери бўлгани хабар қилинган. Бу ерда яшаётганлар ҳаёти буткул гуманитар ёрдам карвонлари келишига боғлиқ экани айтилган.
“Қурбонлар орасида 13 нафар аёл бирор. Исроил қўшинлари аҳолининг аксарияти аёллар ва болалар бўлган вақтинчалик чодирларни нишонга олган”, — дейилган Ғазодаги Дайр ал-Балаҳ ҳудудида бўлиб турган Al Jazeera мухбири хабарида.
Расмийлар айни пайтда бутун Рафаҳда шифохона йўқлигини билдиришган. Барча жабрланганлар ва жасадлар Халқаро тиббиёт корпуси биносига олиб кетилган. Тез ёрдам машиналари бўлмагани боис жабрланганлар қўлда кўтариб олиб борилган .
“Жароҳат олиш ва бир жойдан иккинчи жойга кўчирилиш ёқилғи йўқлиги туфайли айни дамда жуда имконсиз ва аянчли. Транспорт ҳаракатлана олмайди. Уч ҳафтадан ортиқ вақтдан бери Ғазо секторига ҳеч нарса киргани йўқ”, — деган Исроилнинг сўнгги ҳужуми гувоҳларидан бири.
Изоҳ (0)