АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Жеймс O’Брайен агар “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун ҳозирги кўринишда қабул қилинса, Вашингтон Грузия расмийларига қарши санкциялар жорий қилиши ва ёрдам дастурларини қайта кўриб чиқишини маълум қилди.
Агар бу қонун ҳозиргидек қолса, Европа Иттифоқи стандартларига мос келмаса, демократияга путур етказса, АҚШ чекловлар жорий қилади, — дейди O’Брайен.
Унга кўра, Қўшма Штатлар иқтисодий ва ҳарбий ёрдам дастурларини қайта кўриб чиқиши, шунингдек, қонун қабул қилинишига алоқадор шахсларга нисбатан шахсий санкциялар жорий қилиши мумкин.
Агар қонун ЕИ стандартларига мувофиқ ўзгартирилмаса ва Ғарбга қарши бундай риторика давом этаверса, бу икки томонлама муносабатларимиз учун жуда хавфли бўлади, — дея қўшимча қилган у.
O’Брайен, шунингдек, тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик қўллаш қабул қилинмаслигини таъкидлаган ҳамда Грузия ҳукуматини намойишчиларга қарши репрессиядан воз кечишга чақирган.
Аввалроқ Грузия парламенти “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни учинчи ва якуний ўқишда қабул қилган эди. Қонунни 84 нафар депутат маъқуллаган, 30 нафари эса қарши чиққан. Энди қонунни аввалроқ унга вето қўйишга ваъда берган Грузия президенти Саломе Зурабишвили имзолаши керак.
Изоҳ (0)