Тошкентда BYD ҳайдовчиси қасддан ЙПХ инспекторини уриб юборди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг хабар қилишича, 12 май куни тахминан соат 19:20 ларда Чилонзор туманига хизматга жалб қилинган ЙПХ инспектори ўз хизмат вазифасини ўтаётган вақтида Лутфий кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган BYD русумли автомобиль ҳаракат давомида шубҳа уйғотгани сабабли ҳуштак ва жезл ёрдамида тўхташ ишорасини берган.
Бироқ ҳайдовчи — 2002 йилда туғилган О.А. (ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд эмас) ЙПХ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган ва 150-200 метр ўтиб ортга қайрилиб олган вақтида, ЙПХ инспектори қайта тўхташ ишорасини бериб, автомашиналар ҳаракатини тўлиқ тўхтатган.
О.А. ИИО ходимининг қонуний талабларини қасддан бажармаган ҳолда, ЙПХ инспекторини устига машинасини ҳайдаб, уни уриб юборган. Натижада ЙПХ инспектори иккала сон суяги синиши ташхиси билан касалхонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)