“Дарё” қисқа ҳикоялар танловини эълон қилгани ҳақида аввал хабар берилганди.
Ўтган вақт давомида жуда кўплаб обуначиларимиз томонидан турли жанрдаги бир-биридан қизиқ ва мазмунли ҳикоялар юборилди. Барча ижодкорларни янада фаол бўлишга чорлаб қоламиз. Танлов ғолиблари 30 майдан сўнг аниқланади.
Қуйида таҳририятимизга келган баъзи ҳикояларни эълон қиламиз.
Савдо растаси
- Бу китоблар қанчадан?
- 25 мингдан.
-Бунча қиммат, деди қутиси 20 минг турадиган тамаки тутатган йўловчи.
Шарофиддинов Озодбек Жўрабек ўғли, Олтинсой тумани
Хато
Ўғил ҳаллослаб келиб, онасининг оёғига ёпишди: "Энди ҳеч қачон гап қайтармайман, ойи! Олдингизда уф тортмайман! Ишдан келганимда "Чарчадим, ойи, оёғингизни бошқа куни уқалаб қўя қолай", демайман. Кеч қолаётган бўлсам ҳам, эрталаб чойни сиз билан бирга ичиб кетаман. Хатомни тушундим, ойи, мени кечиринг!".
– Қани, баравар кўтарамиз!
Жанозага келганлар аёлнинг тобутини кўтаришди.
Ҳумоюн Ҳаққули, Тошкент вилояти
"Ишонч"
- Бу ҳаётда ҳамма мени алдайди...
- Нега? Онанг ва акаларингчи?
- Улар ҳам мени алдашади...
- Ахир қанақасига?!
- Онам "сен еяқол, мени қорним тўқ" деб, акаларим эса, охирги пулларини менга бериб, "олавер, бизга ҳозир пул керакмас" деб алдашади...
Усмонов Хуршид, Жиззах вилояти
Чин севги
"Мана мен келдим. Юр кетдик! Нима? Бормайман дейсанми?! Ёдингдами уришиб қолсак, уч кун ичида дарров ярашиб олардик. Бугун тўртинчи кун, ахир", - дерди қабр ёнида қўлида гул кўтариб турган отахон.
Саида Иброҳимова, Самарқанд вилояти
Одат
Боғчада:
- Жим ўтирамиз, болалар.
Мактабда:
- Ҳамма жим ўтирсин.
Оилада:
- Жим ўтириб, овқатингни е.
Ишхонада:
- Жим юргин, хўпми?
Халқаро конференцияда:
- Кўрилган муаммонинг ечими бўйича қандай таклифларингиз бор?
Ҳамма жим.
Шаҳло Арипова
Юзлар
-Келаверинг, бу гардеробим. Булар кийимларим, оёқ кийимларим, юзларим...
- Тушунмадим, юзларингиз?!
-Ҳа, шунақа. Ҳозир деярли ҳаммада шунақа-ку. Қайси бирини тақиб чиқишим кимлар билан кўришишимга боғлиқ. Масалан, бугун дўстимнинг уйига, онасининг таъзияси учун “қайғурган”, кейин учрашувга “хурсанд” қиёфамни олишим керак.
- Тушунарли… Нега анавиниси чанг босган?
- У “асл” юзим. Анча бўлди тақмаганимга, ёшлигимда тақардим…
Ҳасанова Гулизода Зафар қизи
* * *
Эслатиб ўтамиз, қисқа ҳикоялар танлови 30 майга қадар давом этади. Ўз ҳикояларингизни @daryo_hikoyalar_bot орқали юборишингиз мумкин. Танловлар шартлари билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.
Ғолибларга “Дарё” интернет нашрининг ҳамкори — Асахий интернет дўкони томонидан тақдим қилинган совғалар топширилади.
1-ўринга — 30 та китоб
2-ўринга — 20 та китоб
3-ўринга — 10 та китоб
Асахий интернет дўконида сотувда бўлган китоблар билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.
Изоҳ (0)