Россия президенти Владимир Путин Давлат думасига бош вазир лавозимига Михаил Мишустин номзодини тақдим этди. Бу ҳақда дума спикери Вячеслав Володин хабар берди.
Бугун (10 май куни) Давлат думаси бош вазир номзодини муҳокама қилади. Соат 14:00 да (Тошкент вақти билан 16:00) Давлат думасининг ялпи мажлиси бошланади. Унда ҳукумат раиси номзодини тасдиқлаш масаласи бўйича овоз бериш бўлиб ўтади. Бунгача Мишустин депутатларнинг саволларига жавоб беради.
Номзодлик муҳокамаси чоғида Путин томонидан демографик сиёсатда, одамларнинг фаровонлигини ошириш, болали оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, технологик суверенитетни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва минтақавий ривожланиш; мамлакат мудофаа қобилиятини ошириш бўйича белгиланган вазифалар қандай ҳал этилиши ҳақидаги саволларга жавоб олиш муҳимдир, — деди Володин.
7 май куни Путин инаугурацияси бўлиб ўтди. Бу унинг бешинчи президентлик муддати. Қонунга мувофиқ, инаугурация куни Михаил Мишустин бошчилигидаги ҳукумат истеъфога чиқди. Инаугурация қилинган пайтдан бошлаб икки ҳафтадан кечиктирмай президент Дума маъқуллаши учун бош вазир номзодини тақдим этиши керак. Бир ҳафтадан кечиктирмай бош вазир президентга ҳукуматнинг янги таркибини таклиф қилиши лозим.
Мишустин Владимир Путин таклифи билан 2020 йил январида аввалги бош вазир Дмитрий Медведевнинг истеъфога чиқиши сабабли бош вазир этиб тайинланганди.
Изоҳ (0)